Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

ИЛМ-ФАН СОҲАСИДАГИ ДАВЛАТ СИЁСАТИ ВА ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНТИРИШДАГИ ДАВЛАТ БОШҚАРУВИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 1 апрелдаги «Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-6198-сон Фармонига мувофиқ:

1. Қуйидагилар:

Илм-фан соҳасидаги давлат сиёсати ва инновацион ривожлантиришдаги давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда — Чора-тадбирлар дастури) 1-иловага мувофиқ;

Олдинги таҳрирга қаранг.

(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПФ-107-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 06/23/107/0441-сон)

Олдинги таҳрирга қаранг.

(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПФ-107-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 06/23/107/0441-сон)

Олдинги таҳрирга қаранг.

(1-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПФ-107-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 06/23/107/0441-сон)

Олдинги таҳрирга қаранг.

(1-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПФ-107-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2023 й., 06/23/107/0441-сон)

Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кузатув кенгашининг таркиби 6-иловага мувофиқ;

Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази негизида, унинг белгиланган умумий чекланган штат бирликлари ва иш ҳақи жамғармаси доирасида ҳамда амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда, давлат муассасаси шаклидаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси (кейинги ўринларда — Миллий офис) ташкил этилсин.

Миллий офиснинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

иқтисодиётнинг реал сектори ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларидан келиб чиқиб илмий фаолият натижалари, инновацион маҳсулотлар ва хизматлар, шу жумладан янги қурилмалар, материаллар ҳамда технологияларни яратиш, жорий этиш, кўпайтириш ва уларни тижоратлаштириш;

тижоратлаштириш имкониятига эга ишланмаларни танлаш, баҳолаш ва жорий этишда фаол қатнашиш, уларни тижоратлаштириш учун инвестицияларни жалб қилиш, ушбу йўналишда форумлар, халқаро ярмарка ва кўргазмалар ўтказиш;

илмий, лойиҳа-конструкторлик ва технологик ташкилотларни ишлаб чиқариш ташкилотлари билан илмий ва инновацион соҳада изчил ҳамкорлигини ривожлантириш;

илмий фаолият субъектларига интеллектуал мулк объектлари ва ноу-хаулардан фойдаланиш бўйича консалтинг хизматлари кўрсатиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш, молиявий-иқтисодий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда маркетинг усулларини қўллаш бўйича ўқув ва тренинг курсларини ташкил қилиш;

хорижда ишлаб чиқилган технологиялар трансферини амалга оширишга ва маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш.

3. Белгилансинки:

Миллий офис бош директори инновацион ривожланиш вазирининг тақдимномасига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

Миллий офис бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шартлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

Миллий офис бош директорининг ўринбосарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар инновацион ривожланиш бошқармалари бошлиқлари инновацион ривожланиш вазири томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар инновацион ривожланиш бошқармаларининг бошлиқлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорларига тенглаштирилади.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Инновацион ривожланиш вазирлигини сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар инновацион ривожланиш бошқармаларини сақлаш харажатлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Инновацион ривожланиш вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари, тизим ташкилотлари ҳамда Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси ходимларини рағбатлантириш харажатлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

5. Инновацион ривожланиш вазирлиги, Миллий офис, Жамғарма, Илмий-техник ахборот маркази, «Яшнобод» инновация технопаркининг дирекцияси ва Инновацион ривожланиш нашриёт-матбаа уйи Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Университет кўчаси, 7-уй манзилида жойлаштирилсин.

Бунда:

Миллий офис, Жамғарма, Илмий-техник ахборот маркази, «Яшнобод» инновация технопаркининг дирекцияси ва Инновацион ривожланиш нашриёт-матбаа уйи — ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган бинога;

илмий ишланмаларни тижоратлаштириш учун ташкил этиладиган ташкилотлар ҳамда акселерация натижасига кўра Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган стартап ташкилотларнинг маъмурий бошқаруви органлари кўпи билан бир йил муддатга — Инновацион ривожланиш вазирлиги биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар инновацион ривожланиш бошқармалари барча шарт-шароитларга эга бинога жойлаштирилишини таъминласин.

7. Инновацион ривожланиш вазирлиги икки ой муддатда:

а) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

Инновацион ривожланиш вазирлиги тўғрисидаги низомни;

қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни;

б) қуйидагиларни:

белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг марказий аппарати ходимлари ва хизмат кўрсатувчи ходимларининг штат жадвалини;

Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси уставини тасдиқласин;

в) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар инновацион ривожланиш бошқармаларини зарур назарий билимлар ва амалий кўникмаларга, Инновацион ривожланиш вазирлигига юклатилган вазифаларни профессионал даражада амалга ошириш қобилиятига эга бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдириш чораларини кўрсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2021 йил 1 апрель,

ПҚ-5047-сон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 1 апрелдаги ПҚ-5047-сон қарорига

7-ИЛОВА

Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Олдинги таҳрирга қаранг.

2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.

(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги ПҚ-471-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.01.2023 й., 07/23/471/0001-сон — 2023 йил 1 январдан кучга киради)

3. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.

2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва уларни сарфлаш йўналишлари

4. Жамғарма маблағлари қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:

Олдинги таҳрирга қаранг.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига патент божлари, йиғимлар ва солиқ тоифасига кирмайдиган бошқа тўловлардан келиб тушган маблағларнинг 78 фоизи;

(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 апрелдаги ПҚ-221-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.04.2022 й., 07/22/221/0357-сон)

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шу жумладан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари ҳамда илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурларини бажариш учун ажратилган маблағлар;

халқаро молия ташкилотлари ва институтларининг грантлари ва кредитлари;

юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан чет эллик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Олдинги таҳрирга қаранг.

5. Мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг чет эл валютасидаги маблағлари Вазирлик томонидан Жамғарманинг ҳисобварақларига ҳар ойда валютанинг ҳар бир тури бўйича алоҳида ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунигача ўтказилади.

(5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 апрелдаги ПҚ-221-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.04.2022 й., 07/22/221/0357-сон)

6. Жамғармага маблағлар келиб тушишини ва сарфланишини назорат қилиш Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.

7. Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:

инновацион фаолият субъектлари томонидан инновацияларни яратиш ва уларни жорий қилишни танлов асосида молиялаштириш;

илмий-тадқиқот, инновацион, тажриба-конструкторлик ва стартап лойиҳаларини танлов асосида молиялаштириш;

илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштиришни молиялаштириш;

илмий лабораторияларни замонавий юқори технологияга асосланган асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш), шунингдек, зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш;

илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни (патентларни) хорижда рўйхатдан ўтказиш ва патентни сақлаб туриш харажатларини қоплаш;

илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг етакчи электрон илмий маълумотлар базаларидан эркин фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, халқаро нашрларда илмий натижаларни чоп этишга тайёрлаш бўйича харажатларни тўлаш;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси (кейинги ўринларда — Ёшлар академияси) фаолиятини ташкил этиш ва унинг асосий вазифаларини рўёбга чиқариш тадбирларини, шу жумладан илмий-инновацион акселератор ва бизнес-инкубаторларнинг ташкил этиш, иқтидорли ёшларнинг ривожланган давлатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш ташкилотларида малакасини ошириш, илмий-амалий тадбирлар (симпозиум, конференция, семинар, тренинг, давра суҳбатлари, мастер-класслар ва бошқалар) ташкил этиш ҳамда уларнинг халқаро илмий-амалий тадбирларда қатнашиш харажатларини молиялаштириш;

ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий ташкилотлардаги (марказлар, университетлар ва бошқалар)даги илмий стажировкаларини молиялаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан жалб қилинаётган юқори малакали хорижий давлатлар мутахассисларининг харажатларини (меҳнатга ҳақ тўлаш, транспорт харажатлари ва бошқалар) молиялаштириш;

Вазирликнинг Илмий-техника ахборот марказини, нашриётини, шунингдек, Вазирлик қарорига биноан ташкил этиладиган илмий кадрлар тайёрлаш ва ходимлар малакасини ошириш бўйича идоравий илмий ҳамда ўқув марказларини, маслаҳат ва ахборот марказларини, илмий лабораторияларни уларнинг хўжалик фаолиятидан тушадиган даромадларини ҳисобга олган ҳолда молиялаштириш ҳамда моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;

Вазирлик, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Жамғарма Ижро этувчи дирекциясини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш, шу жумладан уларнинг ходимлари малакасини ошириш ва хорижий мамлакатларга хизмат сафарлари харажатларини молиялаштириш;

Вазирлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва тизим ташкилотлари ҳамда Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси ходимларини моддий рағбатлантириш;

бошқа тадбирларни, шу жумладан Вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларга мувофиқ амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш.

8. Жамғарма томонидан мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилмаган тадбирларни молиялаштириш Жамғарма Кузатув кенгашининг қарорига асосан амалга оширилади.

3-боб. Жамғарма маблағларини сарфлаш

9. Жамғармадан пул маблағларини ажратиш Жамғарманинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.

10. Қуйидагилар:

инновацион фаолият субъектлари томонидан инновацияларни яратиш ва уларни жорий қилиш тадбирлари Вазирлик ҳайъати қарорлари ва тегишли буйруқлари билан тасдиқланадиган харажатлар сметасига мувофиқ молиялаштирилади;

илмий-тадқиқот, инновацион, тажриба-конструкторлик ва стартап лойиҳалари белгиланган тартибда ўтказилган танловлар натижаларига кўра Вазирлик, Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси ва лойиҳа ташаббускори ўртасида тузиладиган шартномалар асосида молиялаштирилади;

илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш бўйича лойиҳалар белгиланган тартибда Вазирлик томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига кўра Вазирлик, Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси ва лойиҳа ташаббускори ўртасида тузиладиган шартномалар асосида молиялаштирилади;

илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари (патентлар)ни хорижда рўйхатдан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш харажатларини тўлаш — Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси, тегишли буюртманома берган илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси ва хорижий патент идораси (патент идораси агенти) ўртасидаги уч томонлама шартнома асосида амалга оширилади;

илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг етакчи электрон илмий маълумотлар базаларидан эркин фойдаланишини таъминлаш бўйича харажатларни тўлаш — Вазирлик, Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси ва маълумотлар базасининг эгаси бўлган муассаса ўртасида тегишли маълумотлар базасига обуна бўлиш ҳақида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади;

халқаро нашрларда илмий натижаларни чоп этишга тайёрлаш (Proofreading service) харажатлари Вазирлик, Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси ва халқаро нашрларда мақолаларни чоп этишга тайёрлаш хизмати ўртасида тузиладиган шартномага асосан қопланади;

Ёшлар академиясининг фаолиятини ташкил этиш ва унинг асосий вазифаларини рўёбга чиқариш тадбирлари Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида Вазирликнинг буйруқлари билан тасдиқланадиган харажатлар сметасига асосан молиялаштирилади;

ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий ташкилотларда (марказлар, университетлар ва бошқалар) илмий стажировкалари бўйича харажатларни тўлаш — Вазирлик, Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси, ходими ёш олим ҳисобланадиган илмий-тадқиқот муассасаси (олий таълим муассасаси) ҳамда етакчи хорижий илмий ташкилот ўртасидаги шартнома билан тартибга солинадиган илмий стажировка шартлари, талаблари ва муддатларига мувофиқ амалга оширилади;

Вазирлик томонидан жалб қилинаётган юқори малакали хорижлик олимлар ва мутахассисларнинг харажатлари (меҳнатга ҳақ тўлаш, транспорт харажатлари ва бошқалар) вазирлик ва хорижий давлат мутахассиси ўртасида тузиладиган шартномалар (контрактлар) асосида молиялаштирилади;

Вазирликнинг Илмий-техника ахборот маркази, нашриёти, шунингдек, Вазирлик қарорига биноан ташкил этиладиган илмий кадрлар тайёрлаш ва ходимлар малакасини ошириш бўйича идоравий илмий ҳамда ўқув марказлари, маслаҳат ва ахборот марказлари, илмий лабораториялар уларнинг хўжалик фаолиятидан тушадиган даромадларини ҳисобга олган ҳолда Вазирлик томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметасига асосан молиялаштирилади.

11. Илмий лабораторияларни асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш), шунингдек, зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш бўйича:

Вазирлик хорижий етказиб берувчилар ва ишлаб чиқарувчиларни белгиланган тартибда танлаш асосида улар билан товар етказиб беришга (шу жумладан зарурат бўлганда, товарни илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасасига етказиб бериш, ишга тушириш-созлаш ва бошқа ўзига хос ишларни амалга оширишга) тегишли контрактларни тузади;

тузиладиган контрактларда Вазирлик «Буюртмачи», Жамғарма ижро этувчи дирекцияси «Молиялаштирувчи», ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчи «Етказиб берувчи» ва тегишли илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси «Қабул қилувчи» (фойда кўрувчи) томонлар сифатида қатнашади. Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси тўловларни тузилган контрактларда белгиланган валюта бирлигида молиялаштиради;

Вазирликдан товарни қабул қилиб олиш буюртманомани берган тегишли илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси томонидан бепул амалга оширилади.

Бунда, товар етказиб берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари Жамғарма ижро этувчи дирекциясига Вазирлик томонидан тақдим этилади.

12. Бепул асосда олинган илмий асбоб-ускуна, сарфлаш материаллари ва бутловчи буюмлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун масъулият тегишли илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари раҳбарлари зиммасига юкланади.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ, илмий лаборатория асбоб-ускуналари, шунингдек, зарур сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмлар илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан мустақил равишда ҳам харид қилиниши мумкин.

Бундай ҳолатларда, маблағлар белгиланган тартибда ўтказилган танлов (тендер) савдолари якунларига кўра тузилган шартномаларга асосан илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг тегишли ҳисобварақларига ўтказилади.

14. Жамғарма маблағларини сарфлаш Жамғарма даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган сметасига мувофиқ унинг ҳисобварақларидан амалга оширилади.

15. Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси Жамғармага ажратилган маблағлардан фойдаланилиши ва кейинги ҳисобот даврида кутилаётган харажатлар тўғрисидаги маълумотларни Кузатув кенгашининг навбатдаги йиғилишига кўриб чиқиш учун киритади.

16. Жамғарманинг ўтган йилда ишлатилмаган маблағлари олиб қўйилмайди ва жорий йилда ушбу Низомда кўрсатилган мақсадлар учун сарфланади.

Manbalar

tahrir